Тошкент шаҳрида зарарли АПК файллари ва фишинг ҳаволалари орқали фуқароларнинг шахсий маълумотлари ҳамда банк карталарига оид маълумотларни қўлга киритган икки шахс ушланди. Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг ҳаракатларидан Ўзбекистонда минглаб фуқаролар жабрланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли профилактик тадбирлари доирасида ички ишлар органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирлар ўтказилган. Гумонланувчилардан бирининг хонадонидаги компютер ва телефонлар текширилганда, у Телеграм фойдаланувчиларига зарарли АПК файллари ҳамда фишинг ҳаволаларини юбориб келгани аниқланган.
У мазкур ҳаволаларни “Омад шоу” ва “Солиқ” логотиплари остида тарқатиб, фуқароларнинг Телеграм аккаунтларини эгаллашга уринган. Текширув давомида гумонланувчи 2795,13 УСДТ миқдоридаги криптоактивларни, яъни қарийб 33 миллион 411 минг сўмни қабул қилиб, бошқа банк карталарига ўтказгани аниқланган.
Тезкор тадбир давомида яна бир шахсга тегишли иПҳоне 15 Про Мах телефони ҳам текширилган. У яширин интернет сайтлари орқали зарарли АПК файлларини яратиш билан шуғуллангани аниқланган. Электрон маълумотлар таҳлилида жами 4202 УСДТ (қарийб 50 миллион 228 минг сўм) миқдоридаги 12 та транзаксия қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳар икки шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 278-6-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!