Тошкент шаҳридаги Олмазор метро бекати яқинида икки нафар йигит фуқарони пичоқ билан қўрқитиб, ундан 40 минг сўм пулни тортиб олди. Ҳодиса тунги соат 23:00 атрофида содир бўлган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, гумонланувчилардан бири жиноий ниятини амалга ошириш учун шеригига қўнғироқ қилиб, пичоқ олиб келишини сўраган. Шериги эса ишлайдиган жойидан пичоқни олиб, унинг ёнига борган. Шундан сўнг биринчи йигит метро бекати яқинида учратган фуқарони таъқиб қилиб, пичоқ билан қўрқитган ва унинг 40 минг сўмини тортиб олган. Кейин воқеа жойидан яширинган.
Қайд этилишича, гумонланувчиларнинг бири 19, иккинчиси эса 20 ёшда. Улардан бири ўз кўрсатмасида қилган ишидан пушаймонлигини билдирган. Пичоқни олиб келган иккинчи йигит эса шеригининг фуқарога ҳужум қилганини кўрмаганини айтган. Ҳодисада фойдаланилган пичоқ ашёвий далил сифатида Эксперт-криминалистика марказида текширилган.
Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси иккинчи қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!