Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида энергетика, сув ресурслари, муҳим минераллар ва рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
Давлат раҳбари кам углеродли энергетика салоҳияти бўйича қўшма концепция ишлаб чиқишни таклиф қилди. Мазкур ҳужжат янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, энергияни сақлашнинг замонавий тизимларини ривожлантириш ва янги энергетика йўлакларини яратишни мувофиқлаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Амалий чора-тадбирлар ўн йиллигига оид умумий ташаббусни тўлиқ амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасидаги раислик давридан Жамғарма фаолиятини янада самарали ташкил этиш, янги экологик лойиҳаларни ишга тушириш ва қўшимча молиявий маблағларни жалб қилиш учун фойдаланишни режалаштирмоқда. Шунингдек, сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларида Афғонистон билан доимий ва мазмунли мулоқот олиб бориш зарурлиги қайд этилди.
Мирзиёев муҳим минераллар бўйича минтақавий альянс ташкил этиш ташаббуси доирасидаги ишларни фаоллаштиришни таклиф қилди. Марказий Осиёнинг муҳим минераллар захиралари ягона рақамли харитасини яратиш бу йўналишдаги дастлабки қадамлардан бири бўлиши мумкинлиги билдирилди.
Шунингдек, мамлакатлар имкониятларини бирлаштириб, умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратишни бошлаш ҳамда талаб юқори бўлган касб ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Унда мутахассислар танқис бўлган ва яқин йилларда талаб ошиши кутилаётган йўналишлар бўйича мамлакатларнинг прогноз маълумотларини бирлаштириш кўзда тутилади.
Президент ҳамкорликнинг асосий мақсадини қуйидагича ифодалади: «Тараққиёт ва хавфсизлик йўлида бирдамлик ва ишонч». У келгуси авлодларга тинч, хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан кучли минтақани қолдириш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!