2024–2026 йилларда Ўзбекистонда ўтказилган олтита касбий сертификатлаш синовида жами 47 936 нафар педагог иштирок этди. Уларнинг қарийб учдан икки қисми белгиланган синовлардан муваффақиятли ўта олмади. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги маълум қилди.
Агентлик маълумотларига кўра, таҳлил мамлакатнинг 14 та ҳудуди ҳамда 46 та фан ва мутахассислик бўйича ўтказилган. Синовларда Ўзбекистондаги жами педагогларнинг 6,9 фоизи қатнашган.
Сертификат олган педагогларнинг 12 693 нафари 56–70 балл, 4 778 нафари 72–85 балл тўплаган. Яна 608 нафар педагог 86 ва ундан юқори балл олишга муваффақ бўлган. Юқори натижа қайд этганлар сертификат олган педагогларнинг 3,4 фоизини ташкил этган.
Таҳлил давомида педагог кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари битирувчиларининг натижалари ҳам таққосланган. Сертификат олганлар улуши анъанавий давлат университетлари битирувчилари орасида 39,9 фоиз, ихтисослаштирилган ва бошқа олий таълим ташкилотлари битирувчилари орасида 37,6 фоиз, педагогика олийгоҳлари битирувчилари орасида 37,2 фоизни ташкил этган.
Ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларида бу кўрсаткич 24,7 фоиз, хорижий таълим ташкилотлари битирувчиларида эса 23,3 фоиз бўлган.
Қайд этиш жоизки, мазкур натижалар 2024–2026 йилларда ўтказилган олтита сертификатлаш синовида қатнашган педагогларга тааллуқли.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!