Непалнинг шимолий ҳудудларида юз берган кучли кўчки ва ундан келиб чиққан сел оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1 127 нафарга етди. Бу ҳақда Непал политсияси маълумотларига таяниб, Хитой Марказий телевидениеси хабар берди.
Маълумотларга кўра, яна қарийб 4 500 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Табиий офат 26 август куни Непалнинг Хитой билан чегарадош шимолий қисмида юз берган. Кучли кўчки Расувагади чегара пунктидан тахминан 20 километр шимоли-шарқда содир бўлган.
Кўчки оқибатида ҳосил бўлган тош, лой ва сув оқими дарё ўзани бўйлаб юқори тезликда 70 километрдан ортиқ масофага тарқалган. Натижада бир қатор аҳоли пунктлари вайрон бўлган, йўллар ва инфратузилма жиддий зарар кўрган, катта ҳудудларни сув босган.
Қутқарув гуруҳлари вайроналар остида қолганларни излаш ва жабрланган ҳудудларга ёрдам етказиш ишларини давом эттирмоқда. Расмий маълумотларга кўра, табиий офат ҳудудига Непал билан бирга Хитой ва Ҳиндистондан ҳам қутқарувчилар жалб қилинган.
Аввалроқ Непалнинг Нувакот туманидаги ўрта мактаб директори Ражендра Давади сел оқимидан ўз мактабининг 900 нафар ўқувчисини қутқариб қолгани ҳақида хабар берилган эди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!