Ўзбекистонда келаси йили иккита йирик халқаро рекрутинг компаниясининг фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Улар мутахассисларни тайёрлаш ва хорижий иш берувчиларга тўғридан-тўғри ишга жойлаштириш билан шуғулланиши кўзда тутилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Йиғилишда халқаро меҳнат бозорида йирик рекрутинг компаниялари иш берувчилар ва малакали мутахассислар ўртасида муҳим воситачи вазифасини бажариши қайд этилди. Шу сабабли бундай компанияларнинг Ўзбекистонда ҳам мутахассисларни мустақил тайёрлаши ва уларни хорижда иш билан таъминлаши учун шароит яратиш зарурлиги таъкидланди.
Маълум қилинишича, жорий йилда 34 та давлатда 287 минг кишини ишга жойлаштириш имконияти мавжуд. Бироқ фуқаролар ушбу имкониятлар ҳақида етарлича маълумотга эга эмас. Шунингдек, Миграция агентлиги ва маҳаллалардаги «еттилик» ўртасидаги ҳамкорлик ҳам самарали йўлга қўйилмагани қайд этилди.
«Шу боис, мазкур тизимни ҳам ўзгартирамиз. Миграцияда бизга рақам эмас, сифат керак!» — деди Президент.
Йиғилишда меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш, хорижда ишга жойлаштириш жараёнида фуқароларни сифатли тайёрлаш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича янги ёндашувлар белгиланди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!