Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартибини бузган чет эл фуқароларига нисбатан 4,4 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилади. Бу ҳақда Сенатнинг 21-ялпи мажлисида маъқулланган қонунда белгиланган.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 49⁶-модда билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, чет эл фуқаролари ва доимий равишда бошқа давлат ҳудудида яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар қуйидаги ҳолатларда жаримага тортилади:
– Тегишли тасдиқномани олмасдан ёки унинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин Ўзбекистонда ишлаш;
– Тасдиқномада кўрсатилмаган меҳнат фаолияти билан шуғулланиш.
Агар ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрор содир этилса ёки белгиланган жарима тўланмаса, чет эл фуқароси Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тартибда чиқариб юборилиши мумкин.
Бундан ташқари, унинг Ўзбекистонга кириш ҳуқуқи уч йил муддатга чекланади.
Аввалги қонунчиликда бундай ҳолатлар учун чет эл фуқароларининг бевосита маъмурий жавобгарлиги белгиланмаган эди.
Сенаторларнинг таъкидлашича, янги қонун чет эл фуқароларининг Ўзбекистонда қонуний меҳнат фаолиятини амалга оширишини таъминлаш ҳамда қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!