Ўзбекистонда қурилиши тугалланмаган ёки белгиланган тартибда фойдаланишга топширилмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўйган қурилиш учун масъул шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда. Тегишли қонун Олий Мажлис Сенатининг 27-ноябрь куни бўлиб ўтган 21-ялпи мажлисида маъқулланди.
Қонунга мувофиқ, Жиноят кодексининг 229-3-моддаси янги қисм билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўйган қурилишга масъул ёки мансабдор шахслар уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши мумкин.
Шунингдек, Шаҳарсозлик кодексига буюртмачи ва пудратчиларнинг фойдаланишга топширилмаган уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўймаслик чораларини кўриш мажбуриятини белгиловчи нормалар киритилмоқда.
Сенат муҳокамасида келтирилган маълумотларга кўра, сўнгги етти йил давомида шаҳарсозлик ҳужжатлари, коммуникатсия тармоқларига уланиш ва рўйхатдан ўтказиш талабларига риоя қилинмаган ҳолда 383 та кўп квартирали уй қурилган. Ушбу уйлардаги 20 мингдан ортиқ хонадон фуқароларга сотилган. Бундан ташқари, турли қоидабузарликлар сабаб фойдаланишга топширилмаган 136 та уйда қарийб 8 минг киши истиқомат қилмоқда.
Қонун муҳокамасида маъруза қилган Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобулжон Турсунов амалдаги тартибда бундай ҳолатларга йўл қўйган шахслар аввал маъмурий, такроран содир этилганда эса жиноий жавобгарликка тортилганини таъкидлади. Янги ўзгартишлар орқали қурилишга масъул шахсларнинг жавобгарлиги янада аниқ белгиланиши кўзда тутилган.
Мажлисда сенатор Малика Ходирхонова фуқаролардан фойдаланишга топширилмаган уйларда яшаш билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганини билдирди. Унинг қайд этишича, 2025-йил 1-майдан уйларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби соддалаштирилганига қарамай, айрим фуқаролар ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни чўзилиши сабабли ҳали фойдаланишга топширилмаган уйларга кўчиб киришга мажбур бўлмоқда.
Сенатор ушбу муаммо юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги вакилидан изоҳ сўради. Вазирлик вакили коррупсиявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида инсон омилисиз ишлайдиган электрон платформа жорий этилганини маълум қилди. Шунингдек, ноқонуний қурилишларни аниқлаш билан шуғулланувчи махсус департамент ташкил этилган. Ҳудудларда планшетлар билан таъминланган ходимлар қоидабузарликларни аниқлаб, жарималар қўлламоқда ҳамда тегишли материалларни судларга юбормоқда.
Сенат раиси Танзила Норбоева эса фойдаланишга топширилмаган уйларда яшаш фуқароларнинг ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид солишини қайд этди. Унинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар қурилиш ишлари кўп олиб бориладиган Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Наманган вилоятларида кўпроқ учрамоқда.
Сенат раиси мазкур ҳудудлардаги масъуллар ва маҳаллий кенгашларни муаммога жиддий эътибор қаратишга чақирди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!