Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ юқори мартабали ходимлари иштирокидаги жиноят иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди. ДХХ раисининг собиқ ўринбосари, генерал-лейтенант Ғайратулло Ёзиев 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов хабар берди.
Унинг маълумотига кўра, Ёзиевга Жиноят кодексининг товламачилик, қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш ҳамда ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ моддалари бўйича айбловлар қўйилган.
Суд қарорига кўра, мазкур ишда бошқа собиқ ДХХ ходимларига ҳам қамоқ жазолари тайинланган. Хусусан, Алижон Ашуров ва Музаффар Нурбоев 17 йилдан, Темур Шорисқиев ва Ганчар Узоқов 16 йил 6 ойдан озодликдан маҳрум этилган.
Шунингдек, Суҳроб Сайфиддинов 16 йилга, О. Абдуллаев эса 15 йилга қамалган. Иш бўйича яна тўрт нафар шахсга озодликни чеклаш, жарима ва ахлоқ тузатиш ишлари жазолари тайинланган.
Ташановнинг билдиришича, мазкур жиноят иши Бош прокуратуранинг Коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан тергов қилинган. Судланувчилар жорий йилнинг баҳорида ҳибсга олинган.
Бундан ташқари, судланганларнинг айримлари — Ашуров, Сайфиддинов, Узоқов ва Шорисқиев 90 миллион доллар билан боғлиқ Корея иши доирасида ҳам жавобгарликка тортилган. Ушбу иш бўйича 17-сентабр куни Бектемир тумани суди томонидан уларга узоқ муддатли қамоқ жазолари тайинланган.
Процессуал қонунчиликка мувофиқ, аввалги ва янги ҳукмлар бўйича тайинланган жазоларни қўшиш масаласи кўриб чиқилиши мумкин.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!