ОАВ учун контент тайёрлаш марказида Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, инвесторлар учун янги имкониятлар яратиш ҳамда қурилиш жараёнларини жадаллаштириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси ҳамда Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида Президентнинг 2026 йил 10 ноябрдаги ПФ–243-сон Фармонида белгиланган вазифалар, инвесторлар учун жорий этилаётган имтиёзлар ҳамда Янги Тошкент қурилишининг бориши юзасидан батафсил маълумот берилди.
Янги Тошкентда 20 та йирик инвестиция лойиҳаси
Айни пайтда Янги Тошкентда умумий қиймати 7,18 миллиард доллар бўлган 20 та йирик лойиҳа бўйича инвесторлар билан иш олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳалар 339 гектар ҳудудни қамраб олган бўлиб, умумий қурилиш майдони 5,8 миллион квадрат метрни ташкил этади.
Шаҳарнинг биринчи босқичи учун ажратилган 6 минг гектар ҳудудда эса жами 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Қурилиш ишлари ва фойдаланишга топширилган объектлар
Бугунги кунга қадар Янги Тошкентда 2 миллиард долларлик ишлар бажарилган. Умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган 7 та объект фойдаланишга топширилган. Шунингдек, 18 километр автомобиль йўли қурилган.
Йирик инвесторлар учун янги имтиёзлар
Президент Фармонига мувофиқ, қиймати 50 миллион доллардан бошланадиган йирик лойиҳалар учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилмоқда. Бунда инвесторлар учун қурилишга тайёр ер участкаларини ажратиш, айрим солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш назарда тутилган.
Шунингдек, инвесторлар қурилиш даврида ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган техника, ускуналар ва материалларни божхона божларидан озод этиш имкониятига эга бўлади.
Яна бир муҳим жиҳат — лойиҳаларни амалга оширишда лойиҳалаш, харид ва қурилиш жараёнларини бир вақтнинг ўзида олиб боришга рухсат берилмоқда. Бу эса йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муддатларини қисқартиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Умуман, белгиланган янги механизмлар Янги Тошкентда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, инвесторлар фаолияти учун қулай шароит яратиш ва шаҳарсозлик жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!