Қўлбола ва тегишли стандартларга жавоб бермайдиган иситиш жиҳозларидан фойдаланиш — ҳаёт учун хавфли. Куз-қиш мавсумида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўпайиши, аввало, ана шу омил билан боғлиқ.
Қолаверса, газ тармоқларига резина шланг орқали уланиш, дудбурон ва шамоллатиш тизимларини ўз вақтида тозаламаслик, хоналарни очиқ олов ёрдамида иситиш ҳам углерод оксидидан заҳарланиш хавфини оширади.
Ис гази нафас йўллари орқали организмга кириб, қондаги гемоглобин билан бирикади ва унинг кислород ташиш қобилиятини пасайтиради, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази токсикология бўлими мудири Неъмат Ишбаев. — Натижада организмда кислород етишмовчилиги юзага келади.
Енгил заҳарланишда бош оғриғи, бош айланиши, мушаклар бўшашиши, қулоқларда шовқин, кўнгил айниши, қусиш ва уйқучанлик кузатилади.
Оғир ҳолатларда эса ҳушдан кетиш, тутқаноқ ва нафас олишнинг тўхташи рўй бериши мумкин. Энг хавфлиси, кучли заҳарланиш ўлимга олиб келиши эҳтимоли бор. Айрим ҳолларда оғир асоратлар заҳарланишдан 2–3 ҳафта ўтиб ҳам намоён бўлиши мумкин.
Ис газидан заҳарланганда, аввало, жабрланувчини зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш ва тез тиббий ёрдам чақириш зарур.
Беморнинг нафас олишини енгиллаштириш учун сиқиб турган кийимларини бўшатиш лозим. Агар у ҳушсиз, аммо нафас олаётган бўлса, ёнбош ҳолатда ётқизиш керак.
Нафас олмаётган бўлса, тез тиббий ёрдам диспетчери кўрсатмасига мувофиқ юрак-ўпка реанимациясини бошлаш зарур.
Муҳими, жабрланувчининг аҳволи яхшилангандек кўринса ҳам, у шифокор кўригидан ўтиши шарт. Чунки ис газидан заҳарланишнинг айрим асоратлари кечроқ намоён бўлиши мумкин.
Кўринмас хавфнинг олдини олиш учун иситиш печлари, дудбуронлар ва шамоллатиш тизимлари созлигини мунтазам текшириб туриш, носоз иситиш жиҳозларидан фойдаланмаслик талаб этилади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!