Мансабдор шахслар томонидан ноқонуний бойлик орттириш мақсадида хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш – жамият ва давлат бошқаруви тизими учун жиддий хавф ҳисобланади.
Бундай ҳолатлар қонун устуворлигига путур етказиб, адолат принципининг бузилиши ҳамда давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги ва самарадорлиги пасайишига сабаб бўлади.
Жумладан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси инспектори ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда, ноқонуний бойлик орттирмоқчи бўлди.
Хусусан, у Тошкент шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқарога тегишли 7 турдаги, жами 187 дона қадоқда бўлган минерал ўғит маҳсулотларини “Навоий” чегара божхона пости орқали ўтказиб берганлиги эвазига 20 млн сўм талаб қилган.
Мазкур ноқонуний ҳаракат Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитасининг Шахсий хавфсизлик бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида фош этилди.
Инспектор сўралган пул маблағини пойтахтнинг Олмазор тумани ҳудудида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади”, – дейилади ДХХ хабарида.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!