Сенат товарларни мажбурий рақамли маркировка қилиш қоидаларига риоя этилишини масофавий солиқ текшируви орқали назорат қилишни назарда тутувчи қонунни маъқуллади.
Қонунга кўра, масофавий солиқ текширувини бошлашдан аввал солиқ органлари қоидабузарлик аниқланган солиқ тўловчининг шахсий кабинетига икки марта расмий огоҳлантириш юбориши шарт бўлади.
Текширув солиқ органи раҳбари ёки унинг ўринбосари буйруғи асосида ўтказилади. Унда солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами, текширувчилар ҳақидаги маълумотлар, текширув муддати ҳамда мақсади кўрсатилади.
Белгиланишича, масофавий солиқ текшируви 5 кундан ошмаслиги керак. Текширув далолатномаси солиқ тўловчининг шахсий кабинетига электрон шаклда юборилган сана текширув якунланган кун ҳисобланади.
Шунингдек, солиқ органи текширув материаллари кўриб чиқиладиган сана, вақт ва жой ҳақида солиқ тўловчини камида 2 иш куни олдин хабардор қилиши шарт.
Масофавий текширув якуни бўйича қабул қилинган қарор солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилганидан бир ой ўтгач кучга киради. Бундай текширувларни ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Қонун билан ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан мажбурий рақамли маркировка қоидалари бузилгани учун жарималар жорий этилмоқда.
Агар қоидабузарлик масофавий солиқ текшируви орқали аниқланса, жарималар қуйидагича бўлади:
— биринчи қоидабузарликда — охирги ҳисобот чораги соф тушумининг 0,2 фоизи;
— бир йил давомида иккинчи қоидабузарликда — 0,4 фоиз;
— учинчи қоидабузарликда — 1 фоиз;
— тўртинчи ва ундан кейинги қоидабузарликларда — 2 фоиз миқдорида жарима қўлланилади.
Ҳозирги тартибга кўра эса маркировка қоидаларини бузганлик учун жарима охирги ҳисобот чорагидаги соф тушумнинг 2 фоизини, такрорий ҳолатларда эса 20 фоизгача ташкил этади.
Қайд этилишича, қонун ноқонуний маҳсулот ишлаб чиқариш ва айланмасининг олдини олиш, шунингдек, аҳолига сифатли истеъмол товарларини етказиб беришга қаратилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!