Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Фаластинга ёрдам олиб кетаётган “Сумуд” флотилияси фаоллари қўлга олинганидан кейинги ҳолат акс этган видеони ижтимоий тармоққа жойлади.
Видеода қўлга олинган фаоллар қўллари орқага қайрилган ҳолда олиб кетилгани, кейин эса бетон майдонда тиз чўктирилиб, бошларини ерга эгишга мажбурлангани тасвирланган. Шунингдек, уларга Исроил мадҳияси эшиттирилгани ҳам кўринади. Кадрлар фонида Бен-Гвир қўриқчиларга “уларнинг қичқириқларига эътибор берманг” дегани эшитилади. Вазир видео остига: “Терроризм тарафдорларини мана шундай кутиб оламиз”, деб ёзган.
Мазкур ҳолат нафақат Европа давлатлари раҳбарлари, балки Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху томонидан ҳам кескин танқид қилинди.
Нетаньяху Исроил “провокацион флотилиялар”нинг ҳудудий сувларга киришини тўхтатишга ҳақли эканини айтган бўлса-да, Бен-Гвирнинг фаолларга муносабати “Исроил қадриятлари ва меъёрларига мос эмас”лигини таъкидлади.
Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар эса Бен-Гвирни “давлатга уятли шоу орқали зарар етказганликда” айблади.
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Иветт Купер видеодан “даҳшатга тушгани”ни билдириб, бу инсон шаъни ва қадр-қимматига зид эканини айтди.
Италия Бош вазири Жоржа Мелони эса фаоллар, жумладан Италия фуқаролари таҳқирлангани учун Исроилдан узр сўрашни талаб қилган. Унга кўра, Италия ТИВ Исроил элчисини чақиртиради. Шунингдек, Канада ва Нидерландия ҳам Исроил элчиларини чақириш ниятида эканини билдирган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!