Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги тараққиёти ва Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган ислоҳотларга юқори баҳо берди.
У Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбарлигига келган даврдаги вазият билан бугунги ҳолат ўртасида катта фарқ борлигини таъкидлади.
“Шавкат Миромонович Ўзбекистонга раҳбарлик қилишни бошлаганида вазият бутунлай бошқача эди. Буни Ўзбекистон фуқаролари ҳам, биз ҳам жуда яхши биламиз. Шу сабабли у мамлакатни ривожланиш йўлига қўйиш ҳамда давлатнинг иқтисодий жиҳатларини нолдан шакллантириш учун катта куч билан ишлашига тўғри келди”, — деди Илҳом Алиев.
Озарбайжон раҳбари Ўзбекистонда саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизатсия қилиш, шунингдек, хорижий инвеститсияларни жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталди.
“Бугун биз бутунлай бошқача Ўзбекистонни кўриб турибмиз — жаҳон ҳамжамиятининг жуда ҳурматга сазовор аъзосига айланган Ўзбекистонни. Саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт инфратузилмаси билан боғлиқ масалалар жуда тезкор ва самарали ҳал этилмоқда”, — деди у.
Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик лойиҳаларини ривожлантириш учун ҳам муҳим замин яратган.
“Шавкат Мирзиёев ва унинг жамоаси томонидан Ўзбекистон учун қилинган ишлар ва бу ислоҳотлар бўлмаганида, бирорта ҳам ҳамкорлик лойиҳасини амалга оширишнинг имкони бўлмасди”, — деди Озарбайжон Президенти.
Унинг қайд этишича, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбарлигига келгунига қадар икки мамлакат ўртасида бирорта ҳам қўшма лойиҳа мавжуд бўлмаган.
Айни пайтда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўзаро товар айланмасини 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Илҳом Алиев бу кўрсаткични узоқ муддатли мақсад эмас, балки яқин икки йилда амалга оширилиши мумкин бўлган натижа сифатида баҳолади.
“Бугун биз 1 миллиардлик товар айланмаси ҳақида гаплашяпмиз. Бу қандайдир узоқ муддатли орзу эмас, яқин икки йилда амалга ошадиган ишдир”, — деди у.
Озарбайжон раҳбари, шунингдек, икки мамлакат иқтисодиёти эҳтиёж сезаётган соҳаларда янги инвеститсия лойиҳалари ва ўзаро сармояларни ошириш масалалари муҳокама қилинганини айтди.
Унинг фикрича, бу каби ҳамкорлик Ўзбекистон ва Озарбайжон иқтисодиётининг параллел равишда ривожланиши ҳамда икки давлатда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида юзага келмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!