Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам автомашинасига йўл бермаган BYD ҳайдовчисига нисбатан маъмурий чора кўрилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Сергели–Чилонзор йўналишида ҳаракатланаётган BYD автомобили ҳайдовчиси ортидан келаётган махсус товуш ва ёруғлик сигналларига эга тез тиббий ёрдам автомашинасига йўл бермагани акс этган видео тарқалган.
Мазкур ҳолат Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан ўрганилиб, ҳайдовчи махсус транспорт воситасининг ҳаракатланишига халақит бергани аниқланган.
Ҳайдовчи тез ёрдам автомашинасининг сигналини эшитмаганини, бунга автомобиль ойналарининг ёпиқ бўлгани, кондиционер ишлаётгани ва мусиқа баланд овозда қўйилгани сабаб бўлганини билдирган. Шунингдек, йўл бермагани қасддан содир этилмаганини айтиб, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини таъкидлаган.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси асосида баённома расмийлаштирилган. Автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.
Шунингдек, ҳайдовчи билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!