Ўзбекистонда 2026 йилнинг биринчи ярмида судлар томонидан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганлар сони 22 фоизга ошди. Бу ҳақда Олий суд маълум қилди.
Январь–июнь ойларида мамлакат судлари томонидан 11 минг 703 нафар шахс озодликдан маҳрум қилинган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 9 минг 570 нафарни ташкил этган. Шундай қилиб, жорий йилда қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар сони 2 минг 133 нафарга кўпайган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган — 2 030 нафар. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти 1 462 нафар ва Тошкент вилояти 1 452 нафар билан қайд этилган. Энг кам кўрсаткич Қорақалпоғистонда бўлиб, бу ерда 317 нафар шахс озодликдан маҳрум қилинган.
Ҳисобот даврида Тошкент шаҳрида икки нафар шахсга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Озодликдан маҳрум қилинганлар орасида 179 нафари қасддан одам ўлдириш, 1 376 нафари қасддан баданга оғир ёки ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказиш, 1 789 нафари безорилик, 5 788 нафари эса гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар учун судланган.
Шунингдек, 2026 йилнинг биринчи ярмида коррупцияга оид жиноятлар бўйича 3 605 нафарга яқин шахс судланган. Уларнинг 779 нафари озодликдан маҳрум қилинган, 614 нафарига жарима, 1 479 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари ва 711 нафарига озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!