Қашқадарё ва Жиззах вилоятларидаги шу кунгача расман номланмаган икки тоғ чўққисига янги ном берилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида маълум қилинди.
Қашқадарё вилоятидаги Ҳисор давлат қўриқхонасининг Ғелон бўлимида жойлашган, халқ орасида “номсиз чўққи” деб аталиб келган баландликка “Музқоя” номи берилди.
Ҳисор давлат қўриқхонаси бошлиғи Қаҳрамон Нормуродовнинг айтишича, ушбу чўққига йиллар давомида турли номлар таклиф қилинган, бироқ у расман номланмаган. Чўққининг атрофи йил давомида муз билан қопланганлиги сабабли унга “Музқоя” номи берилган.
81 минг гектардан ортиқ ҳудудни эгаллаган Ҳисор давлат қўриқхонасида баландлиги 2500 метрдан 4387 метргача бўлган ўнлаб чўққилар мавжуд. Янги номланган чўққининг баландлиги эса 4360 метрни ташкил этади.
Қўриқхона маъмурияти ҳудуддаги табиий объектларни инвентаризациядан ўтказиб, Вазирлар Маҳкамасига жами 38 та табиий объектга ном бериш бўйича таклиф киритган.
Шунингдек, Жиззах вилоятининг Бахмал туманида, Туркистон тоғ тизмасининг Ғўралашсой ва Кўлсув сойлари оралиғида жойлашган номсиз чўққига “Қирққиз” номи берилди.
Маълумот учун, 2026 йил 9 июлда Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатдаги айрим тоғ тизмалари, тоғлар, чўққилар, даралар, довонлар ва ғорларнинг номларини тартибга солишга оид қарори қабул қилинган.
Мазкур қарор билан Ўзбекистон бўйича жами 124 та географик объектнинг номларини тартибга солиш ва уларга янги ном бериш белгиланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!