Ўзбекистонда 2022/2023-ўқув йилининг қишки қабулида истисно тариқасида магистратурага қабул қилинган, бироқ хорижий тил сертификати йўқлиги сабабли магистрлик диссертациясини ҳимоя қила олмаган талабаларга янги тартиб асосида ҳимояга рухсат берилди. Бунинг учун улар белгиланган талабларга жавоб берадиган миллий ёки халқаро тил сертификатини тақдим этиши керак.
Мазкур тартиб Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги комиссиясининг 2026 йил 25-сентабрдаги 5-сон баёни билан белгиланган. Тегишли кўрсатма олий таълим муассасалари ректорларига юборилган.
Талаб этиладиган тил даражаси мутахассисликка қараб фарқланади. Филология йўналишлари учун C1, гуманитар ва ижтимоий фанлар, бизнес ва бошқарув, ҳуқуқ, журналистика ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари каби соҳалар учун B2 даражаси талаб этилади. Бошқа таълим соҳалари, шунингдек, маданият ва спорт мутахассисликлари учун эса B1 даражаси белгиланган.
Тақдим этиладиган сертификатнинг амал қилиш муддати тугамаган бўлиши ва у Адлия вазирлигида 2024 йил 29 майда 3515-рақам билан рўйхатдан ўтказилган тан олинган сертификатлар рўйхатига мос келиши шарт.
Белгиланган талабларга жавоб берадиган сертификатни тақдим этган магистрантлар учун якуний давлат аттестацияси, жумладан, магистрлик диссертацияси ҳимоясини ташкил этиш олий таълим муассасалари раҳбарларига топширилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!