Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ресторан ходими 17 ёшли курер билан жанжаллашиб, уни ҳақорат қилгани ва таҳдид қилгани юзасидан маъмурий иш қўзғатилди. Ҳолат 2026-йил 17-октябрь куни соат 13:00 атрофида содир бўлган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 36 ёшли шахс пиёдалар йўлагидан скутерда ўтмоқчи бўлган курерни тўхтатишга уринган. Шундан сўнг у йигитга нисбатан қўпол муомалада бўлиб, ҳақоратли сўзлар ишлатган ва уни уриш билан таҳдид қилган. Воқеа акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган.
ИИБ маълумотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси — майда безорилик билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Миробод туман судига юборилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ресторан томонидан пиёдалар йўлагида ташкил этилган ёзги майдонча юзасидан текширув ўтказилганини маълум қилди. Қоидабузарликлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган ва ҳудуд қонунчилик талабларига мувофиқ ҳолатга келтирилган. Ҳокимлик эълон қилган суратларда пиёдалар йўлагидаги стол-стуллар олиб ташлангани акс этган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!