2026 йил 1 октябрдан Тошкент шаҳрида автобус ва метрода электрон тўлов орқали бир марталик йўл ҳақи 1 700 сўмдан 2 500 сўмга оширилади. Нақд тўловда йўл ҳақи 3 000 сўм бўлиб қолади. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли қарорида белгиланган.
Янги тарифга кўра, электрон тўлов орқали амалга ошириладиган бир марталик қатнов нархи қарийб 47 фоизга ошади. Транспорт картасидан фойдаланувчилар учун бир соат ичида бошқа йўналишга ўтишда имтиёзли тарифлар сақланиб қолади. Жумладан, автобусдан кейин бир соат ичида бошқа автобусга ўтилса, иккинчи қатнов учун 1 500 сўм тўланади. Учинчи ва ундан кейинги автобусларда эса ушбу вақт оралиғида йўл ҳақи олинмайди.
Автобус ва метродан биргаликда фойдаланилганда ҳам имтиёзли тариф амал қилади. Бунда биринчи қатнов учун 2 500 сўм, кейинги транспорт алмашинувида эса 1 500 сўмдан тўланади. Метродаги имтиёз бир соат ичида бир марта қўлланади. Метрога иккинчи марта кирилганда 60 дақиқалик ҳисоб қайтадан бошланади.
Транспорт карталари учун ҳам янги тарифлар белгиланади. Фақат автобусдан фойдаланиш учун кунлик тариф 11 500 сўм, 30 кунлик тариф 250 минг сўмни ташкил этади. Автобус ва метродан биргаликда фойдаланиш учун кунлик тариф 13 500 сўм, 30 кунлик тариф эса 345 минг сўм этиб белгиланган. Шунингдек, 10, 20 ва 30 марталик сафар пакетлари мос равишда 19 минг, 38 минг 500 ва 57 минг 500 сўмдан сотилади. Ўқувчилар, талабалар, нафақахўрлар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун транспорт карталари тариф режаларини харид қилишда 50 фоиз чегирма қўлланади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!