19-октябрь куни ҳавода учиб келган шар “Акса Тошкент” иссиқлик электр стансиясининг очиқ тақсимлаш қурилмасига тушиши оқибатида Тошкентнинг тўрт тумани айрим ҳудудларида электр таъминоти вақтинча узилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотига кўра, соат 19:05 да Қибрай туманида жойлашган иссиқлик электр стансиясида трансформаторнинг ҳимоя тизими ишга тушган. Натижада стансия қуввати 460 МВтдан 185 МВтгача камайган. Дастлабки маълумотларда бунга Т-5 трансформаторидаги шикастланиш сабаб бўлгани қайд этилган.
Электр таъминотидаги узилишлар Юнусобод, Олмазор, Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур туманларининг айрим ҳудудларида кузатилган. Кейинчалик ҳодисага стансиянинг очиқ тақсимлаш қурилмасига ҳавода учиб келган шар тушиши сабаб бўлгани аниқланган. Оқибатда ҳимоя тизими ишга тушган.
Кўрилган тезкор чоралар натижасида соат 19:09 да Юнусобод ва Олмазор туманларида электр таъминоти қисман тикланган. Соат 19:25 да захира манбалари орқали таъминот тўлиқ тикланган, 19:38 га келиб эса барча истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш қайта тикланган.
Энергетика вазирлиги фуқароларни электр стансиялари, подстансиялар ва бошқа электр қурилмалари яқинида ҳавога шар учирмасликка чақирди. Вазирлик бундай ҳолатлар электр таъминотида узилишларга сабаб бўлиши мумкинлигини билдирди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!