Россиянинг Домодедово аэропортида Ўзбекистонга учиб кетаётган 32 ёшли йўловчининг юкидан таркибида радиоактив модда бўлган 31 килограмм қуритилган оқ қўзиқорин топилди. Бу ҳақда Россия божхона хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йўловчи қўзиқоринлар солинган қутини багажга топширган. Юк текшируви вақтида радиоактив ва бўлинувчи материалларни аниқлашга мўлжалланган “Янтар” тизими ишга тушган. Шундан сўнг божхона ходимлари қутини очиб, ишлаб чиқарувчи корхона қадоқларидаги қуритилган оқ қўзиқоринларни аниқлаган.
Махсус радиометр-спектрометр ёрдамида ўтказилган дастлабки текширувда маҳсулотнинг радиатсия даражаси меъёрдан 10 баравардан кўпроқ юқори экани аниқланган. Шунингдек, қўзиқоринлар таркибида сезий-137 радионуклиди борлиги қайд этилган.
Ҳолат юзасидан Россия истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлиги соҳасини назорат қилиш федерал хизмати — Роспотребнадзорга хабар берилган. Идора қарори билан қўзиқоринлар кўмиб ташланиши лозим бўлган радиоактив чиқинди деб топилган.
Шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқарувчисига нисбатан чоралар кўрилган. Қуритилган оқ қўзиқоринлар учун берилган Евроосиё иқтисодий иттифоқи мувофиқлик декларатсияси бекор қилинган, ушбу ҳужжат асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш тўхтатилган.
Ҳозирча тақдим этилган маълумотларда қўзиқоринларнинг Ўзбекистонга етиб келгани ёки мамлакат ҳудудида сотувга чиқарилгани ҳақида маълумот йўқ.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!