Ўзбекистонда 2026-йилнинг дастлабки саккиз ойида лаборатория текширувларидан ўтказилган 558 номдаги маҳсулотнинг 73 таси белгиланган сифат ва техник талабларга жавоб бермаслиги аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмита ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда чакана савдо нуқталарида сотилаётган халқ истеъмоли товарларини назорат харидлари орқали текшириб келмоқда. Харид қилинган маҳсулотлар аккредитатсиядан ўтган лабораторияларда синовдан ўтказилиб, уларнинг давлат стандартлари ва норматив-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги баҳоланади.
Жорий йилнинг саккиз ойида жами 60 турдаги 558 номдаги маҳсулот лаборатория экспертизасидан ўтказилган. Текширувлар натижасида уларнинг 73 номдагиси белгиланган талабларга мос эмаслиги аниқланган.
Талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотларни савдо расталаридан қайтариб олиш ва қонунчиликка мувофиқ чоралар кўриш учун тегишли материаллар Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига юборилган.
Рақобат қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқлари ва саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида назорат харидлари давом эттирилишини маълум қилди. Ҳозирча хабарда талабларга жавоб бермаган маҳсулотларнинг аниқ номлари келтирилмаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!