Испанияда 28-октабр куни иккита тезюрар поезд тўқнашиб кетди. Ҳодиса оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлган, қурбонлар сони ортиши мумкин. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ҳалокат Мадрид шаҳрини Андалусия билан боғлайдиган темирйўл линиясида юз берган. Маълумотларга кўра, поездлардан бирида 146 нафар йўловчи ва бир чақалоқ, иккинчисида эса 397 нафар йўловчи бўлган. Испания бош вазири Педро Санчес ҳодисани жиддий деб баҳолаган.
ABC News манбаларига кўра, сигнализация тизимидаги носозлик сабаб тахминан саккизта поезд тўхтаб қолган. Шундан сўнг Аточа вокзалидаги ҳаракатни бошқариш маркази ходими йўлда бошқа поезд бўлишига қарамай, поездлардан бирига ҳаракатни давом эттиришга рухсат берган.
Ҳалокат содир бўлган Кастилия-Ла-Манча минтақаси ҳукумати матбуот котиби Эстер Падилла камида 10 киши ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
“Биз олаётган маълумотлар умуман ижобий эмас. Камида 10 киши ҳалок бўлган ва бу рақам ортиши мумкин”, — деди Падилла маҳаллий ОАВга.
El País нашрига ҳукумат манбалари маълум қилишича, ушбу ҳалокат оқибатлари январь ойида 46 киши ҳалок бўлган Адамуз темирйўл ҳалокатидан ҳам оғирроқ бўлиши мумкин.
Ҳозирча ҳалокат сабаблари ва қурбонларнинг якуний сони бўйича қўшимча маълумотлар кутилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!