Венесуэланинг Ла Гуаира шаҳрида кучли зилзиладан саккиз кун ўтиб вайроналар остидан тирик топилган 43 ёшли эркак қутқарувчилар томонидан муваффақиятли олиб чиқилди. Мутахассислар ушбу амалиётни “мўъжизавий қутқарув” дея баҳоламоқда. Маълум қилинишича, савдо марказида қўриқчи бўлиб ишлаган Ҳернан Гил қулаб тушган автотураргоҳ остида қарийб 9 метр чуқурликда қолиб кетган. Уни қидириш ва хавфсиз олиб чиқиш ишлари 70 соатдан ортиқ давом этган. Қутқарувчилар радар, овозни аниқлаш ускуналари ва махсус камералар ёрдамида унинг тирик эканини аниқлаган. Шундан сўнг тор бўшлиқ орқали унга сув, озиқ-овқат ва зарур дори воситалари етказиб турилган.
Амалиётда Венесуэла, Чили, Коста-Рика ва бошқа давлатлардан келган қутқарувчилар иштирок этди. Бино исталган вақтда қулаб тушиши мумкин бўлгани сабабли операция ўта мураккаб шароитда олиб борилган. Қутқарувдан сўнг Ҳернан Гил шифохонага ётқизилди. Шифокорлар унинг аҳволи барқарор эканини, ҳуши жойида бўлиб, ҳаётий кўрсаткичлари меъёрида эканини маълум қилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, зилзиладан кейинги дастлабки 72 соат омон қолганларни топиш учун энг муҳим давр ҳисобланади. Шу боис саккиз кундан кейин тирик инсоннинг топилиши қутқарув амалиётларидаги энг ноёб ҳолатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, зилзила оқибатида камида 2 295 киши ҳалок бўлган. Қидирув-қутқарув ишлари эса ҳануз давом этмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!