Германияда Россия фуқаролари орасида мамлакат фуқаролигини олувчилар сони кескин кўпайди. 2024 йилда 12 980 нафар, 2025 йилда эса 19 736 нафар Россия фуқароси Германия паспортини олган. Бунга фуқаролик олиш тартибининг енгиллаштирилиши, жумладан, талаб этиладиган яшаш муддати қисқартирилгани таъсир кўрсатган.
Россиянинг 2022 йилда Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан кейин кўплаб россияликлар мамлакатни тарк этиб, Европа давлатларига кўчиб ўтди. Германия улар учун асосий йўналишлардан бирига айланди. Германия Федерал статистика идораси (Destatis) маълумотларига кўра, мамлакатда рўйхатга олинган Россия фуқаролари сони 2021 йил охиридаги 268 620 нафардан 2023 йилда 308 015 нафаргача ошган.
Бироқ 2024 йилдан бошлаб бу кўрсаткич пасая бошлади. 2025 йил охирида Германияда рўйхатга олинган Россия фуқаролари сони 284 225 нафарни ташкил этди. Бу ҳолат россияликларнинг мамлакатни оммавий тарк этаётганини англатмайди. Германия фуқаролигини олган шахслар, бошқа фуқаролигини сақлаб қолган тақдирда ҳам, хорижликлар реестридан чиқарилади.
Фуқаролик олиш тартибини енгиллаштирган 2024-йилги ислоҳотга кўра, Германия паспортини олиш учун талаб этиладиган яшаш муддати саккиз йилдан беш йилгача қисқартирилди. Шунингдек, бошқа давлат фуқаролигини сақлаб қолиш имконияти кенгайтирилди. Айрим тоифалар учун уч йиллик муддатдан кейин фуқаролик олиш имконияти ҳам мавжуд бўлган, бироқ бу қоида 2025 йилда бекор қилинган.
2024–2025 йилларда Россия фуқароларига энг кўп Германия фуқаролиги Баварияда берилган — 7 385 киши. Шимолий Рейн-Вестфалияда 6 136 нафар, Берлинда эса 4 849 нафар россиялик фуқаролик олган.
Шу билан бирга, 2025 йил охиридаги маълумотларга кўра, Германияда фуқаролиги бўлмаган россияликлар энг кўп Шимолий Рейн-Вестфалия, Бавария ва Берлинда яшаган. Умуман олганда, сўнгги икки йилда Германия фуқаролигини олган Россия фуқаролари сонининг кескин ошишида қонунчиликдаги ўзгаришлар муҳим омил бўлган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!