Ўзбекистонда ноқонуний ГСМ-шлюз қурилмаларидан фойдаланиб, сохта колл-марказ ташкил этган ва фуқароларнинг банк карталаридаги маблағларни ўзлаштирган жиноий гуруҳ фош этилди. Гуруҳ аъзолари фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган жами 8 миллион долларни криптовалютага айлантириб, хорижга чиқариб юборган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи, 1989–2005 йилларда туғилган беш нафар шахс Миробод туманидаги нотурар бинода сохта колл-марказ ташкил этгани аниқланган. Гуруҳ билан алоқадор яна бир фуқаро бошқа хонадонга ГСМ-шлюз қурилмасини ўрнатган.
Тергов маълумотларига кўра, 1979 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс бошчилик қилган гуруҳ аъзолари турли банклар номидан фуқароларга қўнғироқ қилган. Улар мижозларга номига ноқонуний кредит расмийлаштиришга уриниш бўлаётганини айтиб, шахсий маълумотларини қўлга киритган. Кейинчалик фуқароларнинг банк карталаридаги пуллар ўзлаштирилган ва уларнинг номига онлайн кредитлар расмийлаштирилган. Гуруҳ аъзолари орасида йирик банклардан бирининг бош офисида киберхавфсизлик бўлимида ишловчи ходим ҳам бўлган.
Расмий маълумотга кўра, ноқонуний йўл билан олинган 8 миллион доллар сохта масъулияти чекланган жамият орқали криптовалютага айлантирилиб, хорижга чиқарилган ва легаллаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов давомида жиноятга алоқадорлиги тахмин қилинаётган жами 10 нафар шахс аниқланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!