Голливуд юлдузларининг макияжига ҳеч эътибор берганмисиз? Юзи тиниқ, кўзлар чарақлайди, лаблар ҳам унчалик эътибор тортмайди. Буларнинг барчаси уйғунлашиб, улуғвор кўриниш ҳосил қилади. Биз уларнинг тақдирлаш маросимларидаги макияжларини айтмаяпмиз, эътибор беринг. Шунчаки фильмлардаги ва шахсий ҳаётдаги содда ва табиий макияжга эришиш усулини сизларга айтиб бермоқчимиз. Сиз ҳам 5 дақиқа ичида улардек кўринишга эга бўлишни истайсизми? Бунинг йўли осон. Фақат юзингиз бир кун олдин тозаланган, пардоз сумкачангиз эса тартибли бўлса, кифоя.
Бу макияжнинг асосий хусусияти теридаги камчиликларни бартараф этиб, юз ва кўзни бироз ёрқин ва тиниқ кўринишга келтиришдан иборатдир. Бундай натижага 8 хил косметик восита ёрдамида эришиш мумкин. Уларни юзга суртиш эса сиздан 5 дақиқа вақт олади, холос!
Мазкур кундалик макияж учун сизга керак бўлади:
1. Терингиз рангига мос ББ крем
2. Кўз ости соҳаси учун корректор
3. Тери камчиликларини беркитиш учун эквалайзер
4. Қош учун гель ёки қалам
5. Ёғупа ва кист
6. Ваниль, шафтоли ёки пушти рангли тень
7. Қора тушь
8. Лаб бўёғи
Ишга шошилиб турганда юзга кўп вақт сарфламаслик учун терингиз ҳақида бир кун олдин қайғуринг. Уйқу олдидан уни миселляр сув билан артинг ёки гель билан ювинг.
Демак энди қадам-бақадам макияжга киришамиз!
Биринчи қадам: тери
ББ кремдан бироз қўлингизга сиқиб чиқариб, юзингизга суртиб чиқинг. Кўп суртиб юборманг. ББ крем кўпайиб кетса, юзингиз ранги тўқлашиб кетади. Юз қирраларига ҳам алоҳида эътибор беринг.
Кўз териси учун консилернинг енгил, кремли консистенцияга эгалигидан танланг (ББ формулали бўлса, намлантириш хусусиятига ҳам эга бўлади). Консилерни кўз остига суртиб, номсиз бармоқ ёстиқчаси билан майин нуқтали ҳаракатлар ёрдамида уни терига сингдиринг.
Агар терида ҳуснбузар ёки тошма бўлса, уни корректорни қуюқ суртиш билан беркитиш мумкин. Антибактериал яшил рангдаги консилер терини идеал даражада текислайди.

Иккинчи қадам: кўз
Кўз макияжи кўп вақт олади, деб сизга ким айтди?! Табиий макияжнинг ҳақиқий устаси Бобби Браун тенларни қовоқ устига бармоқ ёрдамида суртишни маслаҳат беради.
Кўз учун қандай рангдаги тенни танлаган маъқул? Бу тери рангига боғлиқ. Ёрқин рангли тери учун ваниль, шафтоли рангидаги, буғдойранг юзлар учун эса пушти рангдаги тенлар мос келади. Энг муҳими, кўзни бўяш орқали уларни каттароқ қилиб кўрсатиш!
Мана ниҳоят киприкларга ҳам етиб келдик. Уларга тушь суртиб, устидан думалоқ чўткача билан тараб ташланг. Шунда тушнинг ортиқча бўлакчалари тушиб кетади.

Учинчи қадам: қошлар
Юзингизни тиниқ қилиб кўрсатмоқчи бўлсангиз, қошларга урғу беринг. Уларни кичик чўткача ёрдамида тараб, очиқ жойларини қалам ёки гель ёрдамида бўяб чиқинг.

Тўртинчи қадам: яноқлар
Эрталабки макияжда юзни контурлаш ҳақида унутинг. Терингизга ёғупа ёрдамида ёрқинлик бахш этинг.
Бешинчи қадам: лаблар
Лаблар макияжи учун нейтрал рангдаги ялтирамайдиган лаб бўёғини танлаганингиз маъқул. У кун бўйи туришини истасангиз, лабларингиз четига лаб бўёғига мос қалам билан чизиб чиқинг.

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!