Нидерландияда қамоқхоналарда жой тугади: маҳбуслар муддатидан олдин озод қилинади
Нидерландияда қамоқхоналарда жой етишмаслиги сабабли айрим маҳбусларни муддатидан олдин озод қилиш тартиби жорий этилмоқда. Янги қоидаларга кўра, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган айрим маҳбусларнинг қамоқ муддати тўрт ҳафтагача қисқартирилиши мумкин. Бу ҳақда NOS.nl портали Адлия вазирлиги давлат котиби Клаудия ван Брюггеннинг парламентга йўллаган мактубига таяниб хабар берди.
2025 йилда ҳам айрим маҳбусларни жазо муддати тугашидан икки ҳафта олдин озод қилишга рухсат берилган эди. Бироқ бу тартиб фақат бир йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинганларга тааллуқли бўлган. Янги тартиб эса икки йилгача озодликдан маҳрум этилган маҳбусларга ҳам татбиқ этилади.
Давлат котиби Клаудия ван Брюггеннинг маълум қилишича, қамоқхоналарга тушаётган юклама ортиб бораётгани сабабли ҳукумат бундай чораларни кўришга мажбур бўлмоқда. Аёллар қамоқхоналаридаги айрим камералар эркак маҳбуслар учун ажратилгани оқибатида аёллар учун ҳам жой танқислиги юзага келган. Шу сабабли янги тартиб аёлларга ҳам қўлланади, бироқ улар кўпи билан икки ҳафта олдин озодликка чиқарилиши мумкин.
«Бу жамиятимиз, айниқса, жиноят қурбонлари учун оғир хабар эканини тан оламан», — деб ёзган Ван Брюгген парламентга йўллаган мактубида.
Муддатидан олдин озод қилиш тартиби жинсий жиноятлар содир этган маҳбусларга нисбатан қўлланмайди. Ҳозирда жой етишмаслиги сабабли айрим ҳибсга олинганлар полиция бўлимларидаги камераларда сақланмоқда. Ҳукумат вазият яхшиланиши билан вақтинчалик чораларни бекор қилишни режалаштирган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!