Ўзбекистонда аномал иссиқ сабаб соат 10:00 дан 17:00 гача очиқ ҳавода ходимлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган ишлар вақтинча тўхтатилиши ҳамда мослашувчан иш режими жорий этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси томонидан барча ҳокимликларга юборилган кўрсатмада маълум қилинди.
Унда қайд этилишича, мазкур чоралар аномал иссиқ об-ҳаво шароитида очиқ ҳавода меҳнат қилаётган ободонлаштириш ходимларининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида белгиланган.
Шунингдек, иш берувчиларга ходимларни етарли миқдорда сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, қуёш нурлари ва юқори ҳароратдан ҳимояланган дам олиш жойларини ташкил этиш, мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёки тиббий хулосага кўра ишга яроқсиз деб топилган шахсларни ишга жалб қилмаслик вазифаси юклатилган.
Бундан ташқари, иш берувчилардан ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, меҳнат ва дам олиш режимини қайта кўриб чиқиш ҳамда юқори ҳарорат таъсирида соғлиғи ёмонлашганларга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этилган.
Давлат меҳнат инспекцияси кўрсатмалар ижроси назорат қилинишини, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бузган шахслар эса қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишини билдирган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!