Алкоголли ичимликларни реклама қилган блогер жавобгарликка тортилди
Рақобат қўмитаси алкоголли ичимликларни реклама қилган блогерга нисбатан маъмурий чора кўриб, иш бўйича ҳужжатларни судга юборди.
Қўмита ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган реклама материалларининг қонунчилик талабларига мувофиқлигини ўрганиш давомида блогер Н. Собировга тегишли саҳифада алкоголли ичимлик рекламаси жойлаштирилганини аниқлади.
Маълумотларга кўра, блогер ўз саҳифасида қонунчилик билан реклама қилиниши тақиқланган маҳсулотларни тарғиб қилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 38-моддасига мувофиқ, ҳар қандай қувватдаги алкоголли ичимликларни реклама қилиш тақиқланади.
Қонунчиликда фақат пиво, табиий ва кўпикланадиган виноларни белгиланган вақт, шакл ҳамда аудиторияга оид чекловларга риоя қилинган ҳолда реклама қилишга рухсат берилган.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда алкоголли ичимликлар рекламанисини ҳар қандай шаклда тарқатиш тақиқланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси реклама қилиниши қонунчилик билан тақиқланган маҳсулотни тарғиб қилганлиги учун блогер Н. Собировни белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиб, тегишли ҳужжатларни судга юборди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!