Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида низосиз талабларни нотариал тартибда расмийлаштириш ва ижро этиш тартибини соддалаштиришга қаратилган қонун маъқулланди.
Янги тартибга кўра, қонунда белгиланган мезонларга жавоб берадиган БҲМнинг 1 000 бараваригача, яъни ҳозирги ҳисобда 420 миллион сўмгача бўлган низосиз талаблар бўйича нотариусга мурожаат қилиш имконияти кенгайтирилади. Бундай талабларни судга мурожаат қилмасдан, нотариус орқали расмийлаштириш ва ижрога йўналтириш мумкин бўлади.
Шунингдек, нотариуслар томонидан расмийлаштириладиган ҚР-кодли ижро хатларини электрон шаклда ижро органларига бевосита юбориш имконияти яратилади. Бу қоғоз ҳужжатлар билан боғлиқ жараёнларни қисқартиришга хизмат қилади.
Қонунда суд ҳужжатлари ижросини апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида вақтинча тўхтатиб туриш тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторларнинг қайд этишича, янги тартиб судларнинг иш юкламасини камайтириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг вақт ҳамда харажатларини тежаш, шунингдек, низосиз талабларни тезроқ расмийлаштириш ва ижро этиш имконини беради.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!