Ўзбекистонда 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 420 мингдан ортиқ шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Улардан 77 309 нафарига маъмурий қамоқ, 340 986 нафарига жарима жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳисобот даврида жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларининг тергов судьялари томонидан 662 237 нафар шахсга нисбатан 549 231 та маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилган. Натижада жами 420 245 нафар шахсга маъмурий жазо қўлланилган.
Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида кўрилган. Шунингдек, 71 450 нафар шахс ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод этилган.
Кўриб чиқилган ишларнинг аксарияти майда безорилик, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик, лицензиясиз йўловчи ташиш, ҳақорат қилиш, совуқ қурол олиб юриш, жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилиш ҳамда транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш каби ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ бўлган.
Қайд этилишича, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 11 006 та тақдимнома тегишли ташкилотларга юборилган.
Суд қарорлари устидан берилган шикоятлар ҳам юқори инстанцияларда кўриб чиқилган. Апелляция тартибида 6 804 та, кассация тартибида 10 152 та, тафтиш тартибида эса 918 та маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилган. Ушбу жараёнларда қуйи судларнинг бир қатор қарорлари бекор қилинган ёки ўзгартирилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!