Ўзбекистонда дори воситаларини ретсептли ва ретсептсиз тоифаларга ажратиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Янги тартибга кўра, икки ёки ундан ортиқ фаол моддадан иборат дорилар ҳам ретсептсиз сотиладиган воситалар қаторига киритилиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, тегишли ҳужжат 2026-йил 12-ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Унга мувофиқ, дориларни ретсептсиз сотишга рухсат беришда уларнинг тиббиёт ходими назоратисиз мустақил ва хавфсиз қўлланиш имконияти, нотўғри фойдаланиш, дозани ошириб юбориш, суиистеъмол қилиш ва қарамликка олиб келиш хавфи баҳоланади.
Шунингдек, дори воситасидан фойдаланиш йўриқномасининг истеъмолчилар учун тушунарлилиги, хавфсизлик мониторинги натижалари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эътироф этилган тартибга солувчи органларнинг таснифи ҳам инобатга олинади. Бир нечта фаол моддадан ташкил топган дориларда эса ҳар бир модданинг даволашдаги аҳамияти, комбинатсиянинг фойда ва хавф нисбати, клиник асосланганлиги ҳамда нотўғри қўллаш эҳтимоли ҳисобга олинади.
Янги тартибга кўра, дорини ретсептли тоифадан ретсептсиз тоифага ўтказиш ҳақидаги мурожаат рад этилган бўлса, ариза берувчи рад этиш сабаблари бартараф этилганда ёки хавфсизлик ва самарадорликка оид янги маълумотлар пайдо бўлганда уч йил кутмасдан қайта мурожаат қилиши мумкин. Ваколатли орган ҳам янги илмий маълумотлар, хавфсизлик мониторинги натижалари ёки қонунчиликдаги ўзгаришлар асосида дорининг тоифасини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.
Шундай қилиб, янги мезонлар дори воситаларини ретсептсиз сотиш масаласида уларнинг таркиби билан бирга хавфсизлиги ва мустақил қўллаш имкониятини ҳам баҳолашни назарда тутади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!