Покистоннинг Лаҳор шаҳридаги фермада боқилаётган йўлбарс 19 ёшли ишчига ҳужум қилди. Оғир жароҳат олган йигит шифохонада вафот этди. Ҳодиса юзасидан ферма эгаси ва яна икки киши қўлга олинди. Бу ҳақда “Dawn” нашри хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Науман исмли контент яратувчи ижтимоий тармоқлар учун видео тасвирга олиш мақсадида Лаҳор шаҳрининг Каҳна ҳудудидаги фермага борган. Шу вақтда фермада боқилаётган йўлбарс 19 ёшли ишчига ҳужум қилган.
Йигит оғир жароҳатлар билан шифохонага олиб борилган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган. Полиция маълумотига кўра, дастлаб ҳодисани ит ҳужуми сифатида кўрсатиб, яширишга уринишган. Кейинги текширувларда йигитга айнан йўлбарс ҳужум қилгани аниқланган.
Ҳодиса юзасидан ферма эгаси, контент яратувчи Науман ва яна бир киши қўлга олинган. Йўлбарс ёввойи табиатни муҳофаза қилиш хизмати ходимларига топширилган.
Ҳозирда мутасаддилар фермада йўлбарс боқиш учун тегишли рухсатнома мавжудлиги ҳамда хавфсизлик талаблари бажарилганини текширмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!