Ўзбекистонда экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларда иштирок этганлик учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга экстремизм, сепаратизм ёки ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга, фуқароларни зўрлик билан кўчиришга ёки аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёхуд тарқатиш мақсадида сақлаш учун жавобгарлик белгиловчи нормалар киритилди.
Бундан ташқари, экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг атрибутлари ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ва сақлаш ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Мазкур ҳуқуқбузарликлар учун фуқароларга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача жарима белгиланган. Муқобил жазо сифатида 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланиши мумкин. Бунда ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинади.
Қонун билан амалдаги ҳужжатлардаги «диний экстремизм» атамаси «экстремизм» сўзи билан алмаштирилди. Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 13 август куни Олий Мажлис Сенати ушбу қонунни маъқуллаган эди. Сенатдаги муҳокамаларда айрим ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда маъмурий жавобгарлик, маъмурий жазо қўлланганидан кейин такроран содир этилганда эса жиноий жавобгарлик белгиланиши маълум қилинган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!