Ўзбекистонда шахсий томорқалардаги иссиқхоналар учун 2030 йилгача ер ва мол-мулк солиқларини 50 фоизга камайтириш таклиф этилди. Шунингдек, уларни айланмадан олинадиган солиқдан озод қилиш ва энергия тежамкор тизимлар истеъмол қилган электр энергияси харажатларининг ярмини қоплаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бу таклифлар иссиқхоналарга “яшил” технологияларни жорий этиш ва уларнинг экологик хавфсизлигини таъминлашга бағишланган тақдимотда илгари сурилди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги хонадонларга экологик тоза энергия манбалари ҳамда самарали ускуналарни жорий этиш учун 100 миллион сўмгача грант ажратиш таклиф қилинди. Янги экологик тоза иссиқхоналар қуриш учун 300 миллион сўмгача, мавжудларини модернизация қилиш учун эса 150 миллион сўмгача имтиёзли кредит бериш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, иссиқхоначиликка ихтисослашган 50 та маҳаллада эҳтиёжманд оилалар учун экологик хавфсиз иссиқхоналар ташкил этиш режалаштирилган.
Тошкент шаҳри ва унга туташ бешта туманда иссиқхоналар учун махсус экологик тартиб жорий этиш ҳам таклиф қилинди. Унга кўра, табиий газ, электр энергияси, геотермал ва қуёш энергияси ҳамда иссиқлик электр станцияларининг иккиламчи иссиқлигидан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин. Шина, пластмасса, битум, мазут, ишлатилган мой ва чиқиндиларни ёқиш тақиқланиши, қаттиқ ёқилғида ишлайдиган иссиқхоналар эса 2026 йил 1 декабргача экологик тоза энергия манбаларига ўтиши таклиф этилмоқда.
Қайд этилган солиқ имтиёзлари ва молиявий ёрдам чоралари ҳозирча таклиф сифатида кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!