Ўзбекистон Марказий банки 2026–2030 йилларга мўлжалланган кичик ва ўрта бизнесни (КЎБ) қўллаб-қувватлаш концепциясини ишлаб чиқди. Ҳужжат тадбиркорларнинг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, кредитлаш тизимини такомиллаштириш ва молия бозорида рақобатни кучайтиришга қаратилган.
Концепция молиявий ва нархлар барқарорлигини сақлаган ҳолда бозор тамойиллари, рақобат ҳамда рақамли маълумотларга асосланган бизнесни молиялаштириш тизимини шакллантиришни назарда тутади. Ҳужжат 25 та ўзаро боғлиқ ташаббусни ўз ичига олади.
Ташаббуслар доирасида тадбиркорлар учун молиялаштириш манбалари ва молиявий маҳсулотлар танловини кенгайтириш, кредит олиш жараёнларини соддалаштириш ҳамда хизматлар шаффофлигини ошириш кўзда тутилган. Кредит тарихи ёки анъанавий гаров таъминоти етарли бўлмаган, шунингдек, ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилади.
Концепция банклар ва нобанк молия ташкилотлари ўртасидаги рақобатни кучайтириш, кредит рискларини баҳолашни яхшилаш, кредит ажратиш ва мониторинг харажатларини камайтиришни ҳам назарда тутади. Давлат дастурлари доирасида эса ягона маълумотлар базаси, мувофиқлаштирилган мониторинг ва умумий натижадорлик мезонларини жорий этиш орқали маблағларни устувор йўналишларга йўналтириш режалаштирилган.
Марказий банк маълумотига кўра, концепция дастлаб пилот режимида амалга оширилади. Унинг натижалари ва бозор шароитидаги ўзгаришлар асосида ҳужжат ҳар йили такомиллаштириб борилади.
Концепция билан Марказий банкнинг расмий сайти орқали танишиш мумкин.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!