Самарқанд вилояти Паяриқ туманида фуқаронинг ҳовлисида олиб борилган қазиш ишлари вақтида бронза даврига оид бўлиши мумкин бўлган қабр ва археологик буюмлар аниқланди.
Топилмалар Дарвозағаза қишлоғидаги хонадонлардан бирининг ҳудудида аниқланган. Қазиш ишлари давомида инсон суяклари билан бирга бронза билакузуклар, турли тақинчоқлар ва майда мунчоқлар топилган.
Фуқаро топилмалар ҳақида Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтига хабар берган. Шундан сўнг мутахассислар воқеа жойига бориб, аниқланган ашёларни ўрганган.
Археологик буюмлар ва инсон суяк қолдиқлари белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилиб, кейинги илмий тадқиқотлар учун институт томонидан қабул қилиб олинган.
Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидовнинг маълум қилишича, дастлабки ўрганишларда аниқланган бронза билакузукларнинг айримлари конуссимон учлари ва спиралсимон нақшлари билан ажралиб туради. Бу хусусиятлар буюмларнинг бронза даврининг сўнгги босқичида дашт ҳудудларида яшаган чорвадор қабилалар маданияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Зарафшон водийсидаги бошқа қадимий манзилгоҳ ва қабристонлардан ҳам бронза даврига оид, дашт чорвадорлари маданияти билан боғлиқ ашёлар топилган. Мутахассислар бундай ёдгорликларни одатда милоддан аввалги ХИИИ–X асрларга мансуб деб ҳисоблайди. Улар Андроново–Тозабоғёб маданий доираси билан боғланади.
Бироқ Дарвозағаза қишлоғидан аниқланган янги топилманинг аниқ даври ва маданий мансублиги ҳозирча якуний тасдиқланмаган.
Топилманинг тарихини аниқлаш мақсадида қўшимча археологик қазишмалар ўтказиш, инсон қолдиқларини антропологик жиҳатдан ўрганиш ҳамда бронза буюмларини лаборатория таҳлилидан ўтказиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!