Олмазорда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича янги иш услуби натижа бермоқда
Президентимиз Олмазор туманида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича йўлга қўйилган янги иш услуби натижаларини ҳам таҳлил қилди.
Йил бошидан туманга Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг профессор-ўқитувчилари бириктирилди. Улар 23 нафар терговчи билан ҳамкорликда ҳудудда кўп учрайдиган жиноятларнинг олдини олиш ва тергов самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий методикаларни амалиётга жорий этмоқда.
Шунингдек, Академиянинг 20 нафар талабаси дуал таълим асосида тажрибали терговчилар ва профилактика инспекторларига бириктирилди. Бу ёшларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш билан бирга, маҳаллаларда профилактика тадбирларини самарали ташкил этишга ҳам хизмат қилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида тумандаги 64 та маҳалланинг 13 тасида жиноят содир этилмади, криминоген вазияти оғир тоифадаги маҳаллалар қолмади. Аёллар иштирокидаги жиноятлар 22 тадан 10 тага камайди, муқаддам жазо ўтаган шахслар томонидан такроран жиноят содир этиш ҳолатлари эса кузатилмади.
Шу билан бирга, ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ҳамда тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар ҳали ҳам алоҳида эътибор талаб қилиши қайд этилди.
Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни кескин камайтириш бўйича самарали профилактика механизмларини ишлаб чиқиш ва Олмазор тажрибасини шакллантириш вазифаси белгиланди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!