Ўзбекистонда ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланади.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 3-сентабр куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Йиғилишда эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий реестрига киритиш тизимини йил якунига қадар қайта кўриб чиқиш топширилди. Бунда оиланинг даромади билан бирга сурункали касаллик, ногиронлик, кўп фарзандлилик ва оила аъзосининг хорижда ишлаши каби омиллар ҳам ҳисобга олинади.
Таъкидланишича, мамлакатда камбағаллик даражаси 3,9 фоизга тушган. Бироқ 3 ёшгача фарзанди бор оилаларда бу кўрсаткич 6,5 фоизни ташкил этмоқда.
Шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд оилаларга даромад келтирувчи ижтимоий пакет учун жорий йилда 300 миллиард сўм ажратилган. Ушбу ёрдамдан фойдаланган 11 минг оиланинг қарийб ярмида даромад сезиларли ошгани қайд этилди.
Келаси йилдан ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг фарзандлари учун давлат ва хусусий боғча тўлови, ўқув марказлари, йўлкира ҳамда олий таълим муассасаларидаги ётоқхона харажатлари 12 ойлик ваучер орқали қоплаб берилади.
Ваучер оила ижтимоий реестрдан чиқарилганидан кейин ҳам амал қилиши белгиланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!