Президент Шавкат Мирзиёев мактаб ва олий таълим тизимидаги ислоҳотларнинг навбатдаги вазифаларига оид тақдимотлар билан танишди.
Янги авлод дарсликларини жорий этиш доирасида 2027 йилгача 1 342 номдаги дарслик ва ўқув-методик материал тайёрланади. Янги таълим мазмунида ўқувчиларнинг танқидий ва мустақил фикрлаши, ижодкорлиги, шунингдек, рақамли, молиявий ва экологик саводхонлигини ривожлантиришга эътибор қаратилади. Айни пайтда 5 мингта мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилган.
Олий таълимда дуал таълимни кенгайтириш вазифаси белгиланди. Учинчи ва тўртинчи босқич талабаларининг камида 80 фоизини, яъни 185 минг нафар ёшни дуал таълим билан қамраб олиш мақсад қилинган. Бу орқали корхоналарнинг кадрлар тайёрлашдаги иштирокини кучайтириш ва талабаларни ўқиш билан бирга амалиётга жалб этиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Хитойнинг Ляонин педагогика университети филиалини Хива шаҳрида ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Филиалда халқаро хитой тили таълими, халқаро бизнес, туризм бошқаруви ва сунъий интеллект йўналишларини очиш режалаштирилган.
Давлат раҳбари масъулларга таълим сифатини ошириш, дуал таълимни меҳнат бозори эҳтиёжлари билан боғлаш ҳамда янги халқаро таълим лойиҳаларини самарали ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!