АҚШда генетик жиҳатдан ўзгартирилган чўчқадан кўчириб ўтказилган буйрак инсон организмида 271 кун давомида фаолият кўрсатди. Бу ҳозиргача чўчқа буйрагининг инсон танасида энг узоқ ишлаган ҳолати ҳисобланади.
Буйрак 2025 йил 25 январь куни 66 ёшли Тим Эндрюсга кўчириб ўтказилган. У 2-тур қандли диабет билан боғлиқ терминал босқичдаги буйрак етишмовчилигидан азият чеккан.
Трансплантациядан сўнг буйрак дарҳол ишлай бошлаган ва бемор бир неча ой давомида диализга муҳтож бўлмаган. Бироқ тахминан олти ой ўтгач, органнинг қон томирларида шикастланиш ва яллиғланиш ривожланган. Кейинчалик буйрак фаолиятини йўқота бошлагани сабабли у олиб ташланган.
Тадқиқотчилар оддий чўчқа буйрагидан эмас, балки генетик жиҳатдан ўзгартирилган Yucatan миниатюра чўчқасининг буйрагидан фойдаланган. Унинг геномига 69 та генетик ўзгартириш киритилган бўлиб, бу инсон иммун тизимининг органни рад этиш хавфини камайтириш ва орган мослигини оширишга қаратилган.
Мутахассислар ушбу натижани ксенотрансплантация соҳасидаги муҳим қадам деб баҳоламоқда. Келажакда бундай органлар инсон доноридан буйрак кутаётган беморлар учун вақтинчалик “кўприк” вазифасини бажариши мумкин.
Кейинчалик Эндрюсга инсон доноридан буйрак кўчириб ўтказилган ва янги орган яхши фаолият кўрсатаётгани қайд этилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!