Афғонистоннинг Зобул вилояти Қалат шаҳрида “Толибон” бир ҳафта давомида 12 та сартарошхонани ёпди. Бунга сартарошхоналарда ҳукумат томонидан номақбул деб ҳисобланган хизматлар кўрсатилгани сабаб қилиб кўрсатилган.
Hashti Subh Daily хабарига кўра, 5 сентябрь куни “Толибон”нинг Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги ходимлари шаҳардаги сартарошхоналарга борган. Улар тадбиркорларни ҳукумат тамойилларига зид фаолият билан шуғулланмаслик ҳақида огоҳлантирган.
Манбага кўра, текширув вақтида айрим мижозларнинг соқоли калта қирқилгани аниқланган. Шундан сўнг сартарошхоналарнинг фаолияти тўхтатилган.
Сартарошлардан бири исмини ошкор қилмаслик шарти билан “Толибон” вакиллари уларни ҳақорат қилгани ва дўконларни ёпишни буюрганини айтган. Унинг сўзларига кўра, қаршилик кўрсатганлар қамоққа олиниши мумкинлиги билан қўрқитилган.
Қалатдаги бошқа бир сартарош ҳам дўкони ёпилганини, кейин эса бир неча соат давомида “Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги” ходимлари томонидан ушлаб турилганини билдирган. Улар кафолат хати олингач озод қилинган.
Шунингдек, сартарошларга эркакларнинг сочларини “французча” услубда ёки ҳукумат номақбул деб ҳисоблаган бошқа кўринишларда кесмаслик буюрилган.
Сартарошларнинг айтишича, “Толибон” келгусида белгиланган қоидаларга риоя қилинмаса, уларнинг савдо шохобчалари бутунлай ёпилиши ҳақида огоҳлантирган.
Манбага кўра, шунга ўхшаш ҳолатлар Зобул вилоятидан ташқарида ҳам кузатилмоқда. Афғонистон аҳолиси “Толибон”нинг ахлоқ назоратчилари томонидан турли баҳоналар билан тазйиқ ўтказилаётганидан шикоят қилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!