Тошкент метрополитенининг келгусида қуриладиган янги линиялари ва бекатларида поездларнинг келиш ҳамда кетиш вақтини аниқ кўрсатувчи замонавий электрон таблолар ўрнатилади. Бу ҳақда 3 ноябрь куни “Тошкент метрополитени” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Йўлдош Юсупов маълум қилди.
Унинг айтишича, ҳозирда метро бекатларидаги электрон таблоларда навбатдаги поезд келишига қанча вақт қолгани эмас, балки аввалги поезд бекатдан жўнаб кетганидан буён ўтган вақт акс эттирилади. Амалдаги бекатларда янги таймер ва электрон соатларни ўрнатиш техник имкониятлар чеклангани сабабли қийин.
Бироқ президентнинг 2026 йил 15 майдаги 191-сонли қарорига мувофиқ, келгусида қуриладиган метро линиялари ва бекатларида поездларнинг келиш ва кетиш вақтини кўрсатувчи интеллектуал электрон таблоларни босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган. Мавжуд бекатлардаги электрон таблолар қачон янгиланиши ҳозирча маълум қилинмаган.
Матбуот анжуманида метрополитен инфратузилмасини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам маълум қилинди. Қайд этилишича, сўнгги етти йил давомида Тошкентда 33 километр янги метро йўналиши қурилиб, 21 та бекат фойдаланишга топширилган. Натижада бекатлар сони 50 тага, метро йўналишларининг умумий узунлиги эса 71 километрга етган.
Шунингдек, 2021 йилда кунига ўртача 280–300 минг йўловчига хизмат кўрсатган метрополитеннинг 2026 йилдаги кунлик йўловчилар оқими 1,2 миллион нафардан ошган. Тиғиз вақтларда поездлар ҳаракати оралиғи Чилонзор йўналишида 1,5–2 дақиқагача, Ўзбекистон йўналишида 3 дақиқагача, Юнусобод йўналишида 4 дақиқагача қисқартирилган.
Метрополитен маълумотига кўра, 2027 йилда 14 та замонавий, беш вагонли поезд таркибини харид қилиш режалаштирилган. 2030 йилгача эса бекатлар сонини 79 тага, метро йўналишларининг умумий узунлигини 103 километрга, кунлик йўловчилар сонини 1,8 миллион нафарга етказиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!