Эрон давлат телевидениеси мамлакатга ядровий зарба берилган тақдирда фуқаролар қандай ҳаракат қилиши кераклиги ҳақида махсус йўриқнома намойиш этди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди. Огоҳлантириш АҚШнинг Эронга ядровий зарба бериши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида янгради.
Телевидение орқали аҳолига фавқулодда вазиятда бир нечта хавфсизлик чораларига риоя қилиш тавсия этилди. Жумладан, кучли чақнашга қарамаслик, дарҳол пана жойга яшириниш, портлаш тўлқини ўтгач, энг яқин бинога кириш ҳамда дераза ва ташқи деворлардан узоқроқ туриш кераклиги айтилди.
Шунингдек, фуқароларга очиқ қолган тана қисмларини сув билан тозалаш, қадоқланган озиқ-овқат ва идишдаги сувдан фойдаланиш тавсия қилинди. Аҳоли бошпанада камида 24 соат қолиши, кейинги ҳаракатлар бўйича эса расмий ахборотларни кузатиб бориши кераклиги таъкидланди.
Огоҳлантиришлар америкалик журналист Такер Карлсоннинг 2 ноябрь куни Х платформасида АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху босими остида Эронга ядровий зарба бериши мумкинлиги ҳақидаги баёнотидан кейин эълон қилинди.
Карлсон эҳтимолий нишон сифатида Пикакс тоғини тилга олган. Унинг даъвосига кўра, мазкур ҳудуддаги объектни бошқа қуроллар билан нишонга олиш имконияти чекланган. Бироқ бу маълумотлар АҚШ ёки Исроил томонидан расман тасдиқлангани ҳақида хабарда маълумот келтирилмаган.
Сиёсий таҳлилчи ва Эрон бўйича эксперт Вали Наср эҳтимолий ядровий зарбани кескин танқид қилиб, бундай қарор бошқа давлат босими остида қабул қилиниши вазиятни янада жиддийлаштиришини таъкидлади.
Айни пайтда АҚШ президенти Эрондаги айрим объектларга зарба бериш эҳтимолига ишора қилган бўлса-да, музокаралар яхши кетаётганини ҳам билдирган. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг маълум қилишича, 1 ноябрь куни Доҳада Қатар вакиллари билан келишувга эришиш бўйича музокаралар ўтказилган, бироқ якуний келишувга эришилмаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!