Самарқанд вилояти Паяриқ туманида бир гуруҳ шахслар томонидан калтакланиб, тириклайин кўмиб юборилган 32 ёшли эркак 28 кун давомида комада ётганидан сўнг вафот этди. Бу ҳақда «Миллар» дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, марҳум Шербек таниши билан ошхонадан чиқиб, уйига кетаётганида уларнинг йўлини оқ рангли Spark автомобили тўсган. Машинадан тушган бир неча киши унга арматура билан ҳужум қилиб, бошига зарбалар берган. Шербекни ҳимоя қилишга уринган дўсти ҳам тошлар билан калтакланган.
Шундан сўнг ҳужум қилганлар Шербекни машинага мажбуран ўтқазиб, маҳалла марказидан тахминан уч километр узоқликдаги аҳоли яшамайдиган ҳудудга олиб кетган. Марҳумнинг акаси уни ўша жойдан оғир аҳволда топганини айтган. Унинг сўзларига кўра, эркакнинг боши ва юзида кўплаб жароҳатлар бўлган, атрофда қон излари ва бетон бўлаклари топилган.
Марҳумнинг турмуш ўртоғи Шербек шифохонада 28 кун давомида комада ётганини билдирган. Акасининг айтишича, шифокорлар унинг ўпкасидан уч литрдан ортиқ қон олган.
Жанжалга нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум эмас. Марҳумнинг акаси воқеадан икки кун олдин укаси билан гумонланувчилар ўртасида жанжал ва муштлашув бўлганини айтган.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ҳамидулла Сагдуллаевнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан дастлаб Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Жабрланувчи вафот этганидан сўнг иш ушбу модданинг 3-қисми «д» банди билан қайта малакаланган.
Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!