Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Грузиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаро Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жуда кўп миқдордаги фирибгарликни содир этганликда гумон қилиниб, халқаро қидирувга берилган.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида унинг Грузия ҳудудида экани аниқланган. Ўзбекистон ва Грузия Интерпол Миллий марказий бюролари ўртасидаги ҳамкорлик натижасида қидирувдаги шахс Грузиянинг ваколатли органлари томонидан қўлга олинган.
Шундан сўнг Ўзбекистон Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилган. Зарур ҳуқуқий тартиб-таомиллар якунлангач, фуқаро Ўзбекистонга топширилган.
Қидирувдаги шахс Ўзбекистонга олиб келиниб, унга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда кейинги процессуал ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2 октябрь куни одам савдоси бўйича халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида хабар берилган эди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!