Олий Мажлис Қонунчилик палатаси болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжатда 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш учун 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши кўзда тутилган.
Қонун лойиҳаси «Адолат» СДП фракцияси ташаббуси билан киритилган. Уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида соҳа мутахассислари, депутатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокамалар ўтказилган. Кенг жамоатчиликдан келиб тушган таклифларнинг асосланганлари ҳужжатни такомиллаштиришда инобатга олинган.
Лойиҳада боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар бўйича шартли ҳукм чиқариш ва муддатидан илгари шартли озод қилишга оид айрим нормаларни қўллашни чеклаш таклиф этилмоқда. Вояга етмаганларга нисбатан қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш ҳам оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланмоқда.
Шунингдек, жинсий зўравонликка учраган вояга етмаганларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби аниқлаштирилади. Вояга етмаган гувоҳларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш мажбурийлиги белгиланиб, васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокига оид қоидалар такомиллаштирилмоқда. Болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборотдан ҳимоя қилиш ҳамда болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини ижро этмаслик билан боғлиқ нормаларга ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!